2024 йил 7 февраль куни “Ўзбекистон Лизинг Уюшмаси”да видеоалоқа орқали 2023 йил якунларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда ҳисобот даврига якун ясалиб, мамлакатда лизинг бозорининг кейинги вазифалари ва устувор ривожланиш йўналишлари белгиланди.
2023 йил якунлари бўйича республика лизинг хизматлари бозорида 150 га яқин иштирокчи мавжуд бўлиб, улардан 40 га яқин лизинг берувчи лизинг фаолияти билан фаол шуғулланган. Ҳисобот даврида умумий лизинг амалиётлари портфели қарийб 7,4 трлн сўмни ташкил қилди. Шунингдек, ҳисобот даврида лизинг берувчилар томонидан 7500 дан ортиқ янги лизинг битимлари тузилди, уларнинг ҳажми қарийб 4 трлн сўмни ташкил қилди, бу 2022 йилнинг шу даври билан солиштирганда 26% га кўп.
Лизингга бериладигаан объектлар орасида йил якунлари бўйича қишлоқ хўжалик техникаси етакчилик қилмоқда, унинг умумий лизинг битимлари тузилмасидаги улуши 36,6% ни ташкил қилди. Иккинчи ўринда автотранспорт воситалари лизинги келмоқда, унинг улуши 27,0% ни, қурилиш техникаси ва ускуналарининг улуши эса 17,5% ни ташкил этди. Ўз навбатида, лизингга технологик ускуналарни тақдим этиш кўрсаткичлари пасайиб, 13,3% ни ташкил қилди. Лизингга кўчмас мулк тақдим этиш билан боғлиқ битимлар ҳажми эса 5,7% ни ташкил қилди.
Кўриб чиқилаётган даврда лизинг берувчилар орасида «Mikro Leasing» ХК МЧЖ (742,5 млрд. сўм), «Uzbek Leasing International A.O.» АЖ (604,7 млрд. сўм), «Orient Finance» ХАТБ (434,3 млрд. сўм), «O’zagrolizing» АЖ (414,9 млрд. сўм) ва «Autosanoat Agro Lizing» МЧЖ (353,3 млрд. сўм) бозор етакчиларига айланди.
2023 йил давомида амалга оширилган янги лизинг битимларида Тошкент шаҳри (23,3%) энг катта улушга эга бўлди, бу борада иккинчи ва учинчи ўринларда Самарқанд (13,0%) ва Наманган (8,9%) вилоятлари келмоқда.
Ўзбекистон Лизинг Уюшмасининг раиси Зафар Мустафаев ўз тақдимотида мижозлар орасида лизинг бўйича қарзларни узмаслик ҳолатларининг кўпайиши, суд ишларининг чўзилиб кетиши ва лизинг объектларининг олиб қўйилиши, ресурсларнинг етишмаслиги ва уларнинг қимматлаб кетгани, бозорда инсофсиз автолизинг компаниялари ҳам фаолият кўрсатаётгани ҳамда лизинг соҳаси бўйича сифатли таҳлил материалларининг йўқлиги каби муаммоларни қайд этиб ўтди. Тақдимот якунида соҳадаги таҳдидлар ва муаммоларни енгиб ўтиш учун лизинг компаниялари эътибор қаратиши лозим бўлган лизинг бозорининг имиджини шакллантириш бўйича қуйидаги таклифлар берилди:
🔹Хатар-менежментни кучайтириш ва фирибгарликка қарши курашиш;
🔹 АТ ва давлат хизматлари билан интеграциялашиш;
🔹 Лизинг амалиётлари бўйича ягона янгиликлар инфо-майдони;
🔹 ЛКнинг Ахлоқ кодекси;
🔹 Соҳа бўйича сўровнома тузиш ва тўлдириш;
🔹 МҲХС бўйича ҳисобни юритиш ва ташқи аудит.
Таклиф қилинган спикерлар орасида «FCS Experts» ва «RSM Uzbekistan» каби аудиторлик ва консалтинг компаниялари бор, шунингдек Озарбайжондан ADA Университетининг амалиёт бўйича профессори, лойиҳаларни бошқариш (PMP) соҳасининг сертификатланган профессионали, бизнес-тренер ва консультант жаноб Жейхун Маммадбайли ҳам таклиф қилинди.
Тақдимотларнинг тўлиқ вариантини ушбу ҳавола бўйича кўриш мумкин:
https://drive.google.com/drive/folders/1XEaTDm096_oYurifTwEiFGQqHmeF02EW?usp=sharing