2021 йил 11-12 июнь кунлари AlHuda Ислом банкинги ва иқтисодиёти маркази (CIBE) томонидан ZOOM видеоалоқаси орқали ташкил қилинган “Ижара ва Мурабаха” ихтисослашган тренинги ўтказилди. Тренингда AlHuda CIBE, Ислом Тараққиёт Банки (ИТБ) ва «UZARO» ўзаро суғурта компаниясининг вакиллари қуйидаги йўналишлар бўйича тақдимотлар қилишди: Ислом таълимотлари: Ақида, Ибодат, Муамалат, Муашарат ва Ахлоқ; Иқтисодий назария турлари;Ислом иқтисодиётининг тамойиллари; Шариат қоидалари асосидаги молиявий битимлар – Мурабаха; Ижара тавсифи ва моҳияти;Суқуқ асослари.
Айтиш жоизки, айни пайтда мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш учун ислом молияси мавзуларининг долзарблиги ошиб бормоқда. Ислом молиялаштиришвоситаларини илгари суриш ва улар ҳақидаги хабардорликни эътироф этиш ушбу тренингнинг мақсадига айланди. Хусусан, тадбир давомида биринчи куни Мурабаха молиявий битимларининг ўзига хос хусусиятлари, шу жумладан молиявий битимлардаги Тақиқлар, битим фардлари, Исломда мулк тушунчаси (7 шарт), Кабд (мулк ўз эгасининг қўлларида бўлиши), битимларни тузиш босқичлари (ваъда, аҳд шартномаси, битим), битимлар ҳолати (Сахих, Мавкуф, Фасид, Батил, Макрух), Мурабаха турлари: бўлиб-бўлиб тўлаш (молиялаштириш) шарти билан, устига қўйиб оддий олиб сотиш ва ҳоказолар батафсил кўриб чиқилди.
Тренингнинг иккинчи кунида иштирокчилар ислом мамлакатлари банкларида кенг тарқалган Ижара ва Суқуқ каби ислом молиявий воситалари билан танишдилар. Спикерлар Ижара ва лизинг орасидаги фарқ, Ижара ва сотиш орасидаги фарқ, кейинги лизинг билан сотиш ҳамда базавий активлар, Суқуқ тузилмаси ва Суқуқни чиқарганда юзага келадиган хатарлар ва ҳоказолар ҳақида гапириб беришди.
Тренингда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон лизинг уюшмаси, лизинг компаниялари ва тижорат банкларининг вакиллари фаол қатнашди.