Самарқандда I Митақавий лизинг ярмаркаси бўлиб ўтди

Самарқандда I Митақавий лизинг ярмаркаси бўлиб ўтди

 

Жорий йилнинг 3 декабрь куни Самарқандда I Митақавий лизинг ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг йирик лизинг компаниялари ва энг йирик маҳсулот етказиб берувчи ташкилотлар иштирок этдилар.

Ярмарка Ўзбекистон лизинг берувчилари ассоциацияси томонидан Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди.

Бугунги кунда, корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларини замонавийлаштиришга маблағларни инвестициялаш, хусусий тадбиркорликни кенгайтириш ва унинг асосида халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқариш бўйича мобил корхоналар ташкил этиш борасида лизинг жуда самарали механизмдир.

Ўзбекистонда лизинг битимлари сони йил сайин ортиб бормоқда. Умумий жиҳатда, 2010 йилнинг биринчи ярим йиллигида  мамлакат лизинг берувчиларининг умумий лизинг портфели ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31,9 фоиз ортиб, 1116,0 млрд.сўмни ташкил этди. Кўрилаётган даврда тузилган лизинг битимлари ҳажми ўтган йилнинг ярим йиллигига нисбатан 19 фоиз ортиб, 244,0 млрд.сўмга етди.

Лизинг хизмати бозори таҳлили шуни кўрсатдики, саноат, транспорт, қурилиш сектори, шунингдек кўчмас мулк соҳаси корхоналари ўз фаолиятларида лизинг хизматидан борган сари кенг фойдаланмоқдалар.  Лизингга берилаётган объектлар ичида қишлоқ хўжалиги техникаси етакчилик қилмоқда, унинг лизинг битимлари умумий таркибидаги улуши 2010 йил биринчи ярим йиллиги якунларига кўра 29 фоизни ташкил этди. Бундан ташқари, юк ва йўловчи автотранспорти ҳамда қурилиш техникаси иштирокида тузилган битимлар улуши ҳам катта, уларнинг улуши 20 ва 10 фоизни,  бошқа технологик асбоб-ускуналар, шу жумладан ирригация ускуналари улуши 23,5 фоизни ташкил этди.

Бугунги кунда минтақалар миқёсида лизинг битими ҳажми бўйича Тошкент ва Тошкент вилояти етакчилик қилмоқда, шунингдек Самарқанд вилоятида ҳам фаоллик кузатилмоқда. Айнан, лизинг хизматларини мамлакатимизнинг бошқа минтақаларида ҳам кенгроқ намойиш қилиш мақсадида I Митақавий лизинг ярмаркаси уюштирилди.

Таъкидлаш жоизки, бизнес вакиллари ярмаркага катта қизиқиш билдирдилар, тадбир давомида 500 дан ортиқ тадбиркор ва фермер хўжалиги вакиллари ярмаркага ташриф буюришгани бунга яққол мисол бўла олади.

«Ўзбек Лизинг Интернэшенл А.О.» ЁАЖ ҚК маркетинг бўйича менежери Ойдин Қодирова айтганидек, I Митақавий лизинг ярмаркасини уюштиришдан мақсад лизинг компаниялари фаолияти ва ишлаб чиқаришнинг турли соҳалари учун маҳсулот етказиб берувчи корхоналар тўғрисида маълумотларни кенг тарқатишдан иборат.

Ярмарка доирасида Ўзбекистоннинг йирик лизинг берувчилари, шу жумладан «Ўзбек Лизинг Интернэшенл А.О.» ЁАЖ ҚК, «Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг» АЛК, «Қурилиш Лизинг» ЛК ОАЖ, «China Leasing Group» МЧЖ вакиллари ўз компаниялари фаолияти тўғрисида презентацияларини намойиш этдилар.

«Ўзбек Лизинг Интернэшенл А.О.» ЁАЖ ҚК фаолиятига бағишланган тақдимот иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Бу компания ташкил топган кундан бошлаб лизинг хизмати соҳасида етакчилик қилиб келади ва республика молия бозорининг мазкур сегментини ривожлантиришда фаол иштирок этади.

Шунингдек, ярмаркада 17 та йирик асбоб-ускуна етказиб берувчи корхоналар, шу жумладан Siemens компаниясининг расмий дилери «Medconcept» МЧЖ, «MAN Auto Uzbekistan» ЁАЖ ҚК, Komatsu, Hyundai International, «GT7/Кузполимермаш» заводи, «Turkuaz Machinery» МЧЖ, «Universal Machinery», Ўзбек-Хитой савдо уйи ва бошқа ташкилотлар ўз маҳсулотларини намойиш этдилар.

I Митақавий лизинг ярмаркаси лизинг бозорининг барча иштирокчилари учун ўзига хос самарали ишбилармонлик платформаси бўлди, чунки тадбиркорлар таклиф этилаётган техника билан яқиндан танишиш, зарур бўлса жойнинг ўзида лизинг компанияси хизматига мурожаат қилиш имконига эга бўлдилар.

Умуман олганда, ярмарка иштирокчилари лизинг хизматига бўлган катта талаб республиканинг барча вилоятларида лизинг хизмати бозорини ўзлаштириш борасидаги мавжуд салоҳият омили эканини қайд этдилар.

Шундай қилиб, I Митақавий лизинг ярмаркасининг муваффақият билан ўтгани мамлакатимиздаги ҳам йирик корхоналар ҳам кичик бизнеснинг ишлаб чиқариш соҳасини янада ривожлантириш учун  лизинг қулай механизмга айланаётгани исботидир.

About the Author

Fikr bildirish

Related Posts

Бизнинг янгиликларимизга обуна бўлинг