Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашда муҳим омил бўлмоқда
Қишлоқ хўжалиги иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларидан бири ҳисобланади. Истиқлол йилларида мазкур соҳа тубдан ислоҳ қилиниб, унинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг муҳим омили сифатида экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида изчил чора-тадбирлар кўрилаяпти. Сабаби, республикамизда суғориладиган ерларнинг ярмидан кўпроғи турли даражада шўрланган бўлиб, бу ҳол тупроқ унумдорлиги, экинлар ҳосилдорлигига доимо хавф солиб туради.
Бироқ юртимизда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сизот сувлари сатҳини пасайтириш масаласига устувор аҳамият берилиб, тизимли чора-тадбирлар олиб борилаётгани туфайли муаммолар ўз ечимини топмоқда. Бу ҳақда сўз юритилганда, Президентимизнинг 1993 йил август ойидаги “Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида” асарида айни шу масала юзасидан куюнчаклик билан билдирган фикрлари ёдга тушади: “Ерларнинг мелиоратив ҳолатига эътиборни ҳеч қачон сусайтирмаслик керак. Агар биз шундай қилмасак, истиқболдан маҳрум бўламиз”.
Дарҳақиқат, ушбу жиҳат доимо диққат-эътиборда. Аҳамиятлиси, ўтган давр мобайнида компания лизинг хизматларидан фойдаланган ҳолда, ирригация ва мелиорация тадбирларини мустақил ўзи амалга ошираётган фермер хўжаликлари ҳам пайдо бўлди. Тўрткўл туманидаги “Исоқ бобо” ва “Тўрткўллик Сўғдиёна”, Қоракўл туманидаги “Саййод замини”, Ромитан туманидаги “Ўринобод”, Нарпай туманидаги “Шукур Жабборов”, Узун туманидаги “Тўраев Нодир Нуруллаевич” каби кўплаб фермер хўжаликлари фаолияти бунга яққол мисол бўла олади. Буларнинг бари қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш бўйича ҳаётга татбиқ қилинаётган дастурлар, фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, хўжаликларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотларнинг юксак самарасидир.
Юртбошимизнинг 2007 йил 29 октябрда қабул қилинган “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.
Гап шундаки, Фармон ижросини таъминлаш, мелиорация ишларини молиялаштиришнинг принципиал янги механизмини жорий этиш мақсадида Молия вазирлиги ҳузурида Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш департаменти ташкил этилди. Шу билан бир вақтда, аниқроғи, Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 21 декабрдаги қарорига асосан, “Ўзмелиомашлизинг” давлат лизинг компаниясини ташкил этилди.
Мазкур компания фаолиятини давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 19 апрелдаги “2008-2012 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалар ижросига қаратиб, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифаси — суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини тубдан яхшилаш мақсадида лизинг олувчиларга замонавий мелиоратив техникаларни етказиб бераётгани муваффақиятларнинг бош омили бўлди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 майдаги “Мелиорация ва бошқа сув хўжалиги ишларини бажаришга ихтисослаштирилган давлат унитар корхоналарини ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фаолият юритаётган 49 та давлат унитар корхонасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг рақобатдошлигини ошириш, Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда. Натижада ўтган вақт ичида сув хўжалиги ҳамда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш фаолияти билан шуғулланувчи ташкилот ва муассасаларга лизинг асосида 2000 дан ортиқ юқори унумли мелиоратив техникалар, шу жумладан, 781та экскаватор, 240 та бульдозер ва бошқа машина-механизмлар етказиб берилди.
Таъкидлаш керакки, тизимга замонавий техникаларнинг жалб этилиши ирригация ва мелиорация тадбирларини сифатли бажариш, ер ости сув сатҳини пасайтириш имконини яратмоқда. Кейинги етти йилда 1 триллион 627 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 2 миллион 45 минг гектар экин майдонининг мелиоратив ҳолати яхшилангани, бу, ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги ошишига хизмат қилаётгани қувонарлидир.
Соҳа корхоналари ва фермер хўжаликларини мелиоратив техникалар билан таъминлашнинг энг қулай усули лизинг ҳисобланади. Чунки молиявий хизматларнинг ушбу тури имтиёзли шартларда, узоқ муддатга тақдим этилади. Бизнинг компания томонидан кўрсатилаётган бундай хизматлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида халқаро стандартларга жавоб берадиган илғор усуллар жорий қилинаяпти. Бунинг самараси ўлароқ, бугунги кунда лизинг лойиҳаларини мамлакатимизнинг исталган ҳудудида амалга ошириш имконияти яратилган. Лизинг ҳужжатларини тайёрлаш борасида жойлардаги мутахассислар уларга амалий ёрдам беришади. Пировардида кўрсатилаётган хизматлар кўлами тобора кенгайиб, компания лизинг портфели молиявий кўрсаткичи ўтган йил давомида 26 фоиз ошди. 2015 йилда лизинг олувчиларга 257 та замонавий техника ва механизм етказиб берилиб, бу борада аввалги йилдагига нисбатан 60 фоиз ўсиш таъминланди.
Таҳлилларга қараганда, компания томонидан етказиб берилаётган мелиоратив техникаларнинг турлари ҳам йилдан-йилга кўпаймоқда. Хусусан, ҳозирги кунда мижозларга занжирли экскаватор, бульдозер, автосамосвал, автокран, автобензовоз, “ТТЗ-100 НС” ва “ТS-135” русумли тракторлар, канал ювиш машиналари сингари 20 га яқин техника воситалари лизинг асосида таклиф этилаяпти. Бу хўжалик юритувчи субъектларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, сув хўжалиги ва мелиорация ишлари кўламини кенгайтириш имконини бераяпти.
Президентимизнинг 2013 йил 19 апрелдаги “2013 — 2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1958 қарори соҳадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Унда бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолдаги ирригация ҳамда мелиорация тадбирларини биргаликда олиб бориш, объектларни реконструкция қилиш, таъмирлаш-тиклаш, шунингдек, сув тежовчи технологияларни жорий этиш орқали обиҳаётдан унумли фойдаланиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, беш йил давомида ирригация тизимида 2 минг 103 километрлик суғориш каналлари қуриш, 96 та гидротехник иншоот барпо этиш, 558 минг 571 километрлик суғориш каналларини таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилса, мелиорация жабҳасида 3 минг 852 километрлик коллектор-дренаж тармоқларини қуриш, 75 минг 507 километрлик зовурларни таъмирлаш-тиклаш ҳамда кенг кўламдаги реконструкция қилиш тадбирлари амалга оширилади.
Шу билан бирга, ушбу давр мобайнида “Ўзмелиомашлизинг” компанияси томонидан мелиоратив техникалар паркини янгилаш мақсадида 836 та замонавий техника ва механизмлар етказиб берилиши, бунинг эвазига 1170 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Шундан келиб чиқиб, биргина 2015 йилда 53 млрд. сўмлик 257 та мелиоратив техника воситалари етказиб берилди. Давлат дастури асосида сотиб олинган техника воситалари умумий қийматининг 85 фоизи имтиёзли ресурслар ҳисобидан молиялаштирилгани диққатга сазовор.
Кейинги йилларда компания томонидан иқтисодий ривожланиш стратегиясининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланган маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш доимий эътибор марказида турибди. Яъни юртимиз ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланмоқда. Хусусан, 2014 йилда Хоразм вилоятида фаолият бошлаган “UzXCMG” қўшма корхонасидан экскаватор ва бульдозерлар харид қилиниб, лизинг олувчиларга етказиб берилаётган бўлса, “UzCase” қўшма корхонасидан кичик экскаватор юклагичлар сотиб олинаётир. Бу каби саъй-ҳаракатлар туфайли 2014 йилда техникаларнинг 70 фоизи, ўтган йили эса 85 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилингани, айниқса, қувонарлидир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бу борада янги имкониятлар эшигини очмоқда. Негаки, у нафақат ҳудудий ва тармоқ ичида, балки тармоқлараро ҳамда халқаро алоқаларни такомиллаштириш, ишлаб чиқаришга хориж инвестициясини жалб этиш, янги ҳамкорлар иштирокида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйиш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиб бермоқда. Шу маънода, ушбу тадбир юртимиз ишлаб чиқарувчиларига ўз маҳсулотларини кенгроқ намойиш қилиб, келгуси йил учун буюртмалар портфелини шакллантириш, жорий йилга қўшимча шартномалар имзолаш имконини бераяпти. “Ўзмелиомашлизинг” компанияси ҳам ушбу йирик саноат форумининг фаол иштирокчиси ўлароқ, унинг доирасида мижозлар буюртмалари асосида битимлар тузилиб, тизимга замонавий техникалар жалб этилаяпти.
Лизингга берилган техникаларга замонавий сервис хизмати кўрсатилишини таъминлаш мақсадида компания қошида “Мелиомашлизингсервис” шўъба корхонаси ташкил қилингани муҳим омил бўлмоқда. Чунки у янги диагностика ускуналари билан тўлиқ жиҳозланган, унинг ҳар бир вилоятда ташкил этилган филиали орқали тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиб келинаяпти.
Шу ўринда мелиоратив техника, машина ва механизмлар учун чет элдан олиб келинаётган зарур эҳтиёт қисмлар ҳамда бутловчи буюмлар 2018 йилга қадар божхона тўловларидан озод этилганини алоҳида айтиш жоиз. Бу корхона айланма маблағларининг кўпайиши, сервис хизматлари кўрсатиш самарадорлиги ошишида муҳим манба бўлмоқда.
Қайси соҳа бўлмасин, унинг истиқболини мутахассисларнинг салоҳияти белгилаб беради. Шу боис ҳам мамлакатимизда ирригация ва мелиорация тизими учун етук кадрларни тайёрлашга жиддий эътибор қаратилаяпти. Бу жараёнда компания ҳам фаол иштирок этиб, Тошкент ирригация ва мелиорация институти, кўплаб касб-ҳунар коллежлари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Ўтган йили ўқув муассасаларини ахборот технологиялари билан таъминлаш, шунингдек, сув хўжалигига ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари малакасини ошириш курсларини ташкил этиш билан боғлиқ сарф-харажатларни молиялаштиришга молиявий ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, талабалар ўқиш давомида эгаллаган назарий билимларини мустаҳкамлаши учун тизимда барча шарт-шароит яратиб берилди. Яъни улар компания сервис базаси ҳамда Тошкент вилоятидаги сервис шўъба корхонасида амалиёт ўтамоқдалар.
Мелиорация техникаларидан самарали фойдаланишни назорат қилиш мақсадида 2015 йилдан эътиборан уларга электрон кузатув мосламаси — GPS навигаторлари ўрнатила бошланди. Мазкур қурилма ёрдамида масофадан туриб техника воситалари ҳақида мунтазам маълумот олиб туриш мумкин. Бугунги кунга қадар 1300 дан зиёд машина-механизмлар ана шундай мослама билан жиҳозланди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, ер ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш нафақат жорий йил, балки яқин истиқболга мўлжалланган иқтисодий дастурларнинг энг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган. Бу компания зиммасига ҳам қўшимча вазифалар юклаши баробарида, хизматлар кўламини кенгайтиришни тақозо этади. Зотан, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиши қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш, деҳқон ва фермерларнинг моддий манфаатдорлигини кучайтириш, пировардида аҳоли турмуш фаровонлиги таъминланишига хизмат қилади.