Форумда вазирликлар ва идоралар, халқаро ташкилотлар, ассоциациялар, лизинг ва бошқа молиявий ташкилотларнинг вакиллари, маҳаллий ва хорижий лизинг, аудиторлик компаниялари ва банкларнинг раҳбарлари, соҳа экспертлари ва таҳлилчилари қатнашмоқда.
Лизинг масалаларини муҳокама қилишнинг аҳамияти Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳозирги ҳолати билан шартланган. Бугунги кунда лизинг ишлаб чиқаришни жиҳозлаш ва модернизация қилишни инвестициялашнинг самарали усулларидан бири ҳисобланади. У кичик бизнес ва хусусий табиркорликнинг ривожланишига ҳамда унинг асосида рақобатбардош ишлаб чиқаришни яратишга кўмаклашади. Иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ҳамда кичик ва ўрта бизнеснинг қўллаб-қувватланиши туфайли Ўзбекистонда лизинг хизматлари янада ривожланиши учун катта истиқболларга эга.
Соҳанинг ривожланиш индикаторлари ҳам намуналидир. Хусусан. 2015 йилда Ўзбекистонда лизинг хизматларини 90 та ташкилот, шу жумладан 24 та банк кўрсатди. Ўтган йил якунлари бўйича лизинг амалиётларининг умумий портфели эса 2,45 трлн.сўмни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич 2014 йил билан таққослаганда 14,4% га ўсганини кўриш мумкин. 2015 йилда мамлакатдаги лизинг берувчилар томонидан 5,6 мингдан ортиқ янги лизинг битимлари тузилди, уларнинг ҳажми 850 млрд.сўмдан ошди. Лизингга берилган объектлар орасида қишлоқ хўжалик техникаси етакчилик қилмоқда, 2015 йилда унинг лизинг битимлари умумий тузилмасидаги улуши 32,9% ни ташкил этди. Шунингдек лизингга технологик ускуналарни (30,6%), автотранспорт (19,8%) ва кўчмас мулкни (16,7%) тақдим этиш билан боғлиқ битимларнинг ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди.
Форум давомида маҳаллий лизинг бозорининг экспертлари ва қатор хорижий давлатлар, хусусан Саудия Арабистони, Ўмон Султонлиги, Англия, Германия, Бельгия, Чехия, Руминия, Туркия, Россия, Белоруссия ва бошқа мамлакатларнинг вакиллари маърузалар ва тақдимотлар билан чиқади.
Бизнес соҳасининг лизинг хизматларига бўлган кейинги эҳтиёжи қандай бўлади, лизинг соҳаси глобал даражада ва алоҳида мамлакатларда қандай ривожланмоқда, лизинг портфелининг ўсиши нималар ҳисобидан таъминланмоқда, инқироз даврида хорижий давлатларнинг лизинг бизнесини бошқариш борасидаги тажрибаси ва соҳадаги инқирозга қарши чоралар ва ҳаракатлар,лизинг ва суғурта соҳаси ҳамкорлигининг ҳозирги аҳволи ва истиқболлари – бу ялпи ва секцион мажлислар давомида форум иштирокчилари томонидан муҳокама қилинадиган масалаларнинг бир қисмигина, холос.
Шу билан бирга, форум чоғида ишбилармонларнинг ўзаро учрашувлари ва музокаралари ҳам бўлиб ўтади, улар лизинг соҳаси вакилларига ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш имконини тақдим этади.
Бундан ташқари, тадбир доирасида лизинг фаолияти соҳасидаги “Олтин портфель” жамоат мукофотини топшириш маросими ҳам бўлиб ўтади.
Мазкур форум ўзаро фойдали ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда ўзаро тажриба алмашишни давом эттириш учун ҳам маҳаллий, ҳам хорижий иштирокчилар учун самарали интерфаол майдончага айланиши кутилмоқда.