2025 йил 26 февралдан 12 мартгача Тошкентда молиявий секторни баҳолаш дастури — Financial Sector Assessment Program (FSAP)га бағишланган Жаҳон банки делегациясининг ташрифи бўлиб ўтмоқда.
Ташрифнинг асосий мақсади давлат органлари, хусусий сектор вакиллари, инвесторлар ва экспертлар билан Ўзбекистон молия бозорини ушлаб турган асосий тўсиқлар ва чекловларни аниқлаш учун маслаҳатлашувлар ўтказишдан иборат бўлди. FSAP дастури бу борада комплекс асосни таъминлайди, унинг ёрдамида экспертлар ва ҳукумат органлари иштирокчи мамлакатларда молиявий тизимдаги заиф томонларни аниқлашлари ва тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқишлари мумкин.
Жаҳон банки томонидан ҳозирги ҳолатнинг ҳар томонлама баҳоланиши, асосий тўсиқлар, жумладан норматив-ҳуқуқий чекловлар, молиялаштиришнинг етишмаслиги, шунингдек битимларни ўтказиш ва молиявий воситалардан фойдаланиш имконияти билан боғлиқ харажатларга оид муаммоли жиҳатлар аниқланади.
2025 йил 26 февраль куни Ўзбекистон молия секторини диагностика қилиш бўйича Жаҳон банки гуруҳи делегацияси «Uzbek Leasing International A.O.» АЖ офисига ташриф буюрди.
Учрашувда Жаҳон банки гуруҳи делегациясидан қуйидаги мутахассислар иштирок этди:
∙ Гунхилд Берг (Gunhild Berg), Молия сектори бўйича етакчи мутахассис, дастур раҳбари;
∙ Жейн Хван (Jane Hwang), Молия сектори бўйича катта мутахассис, дастур раҳбари ўринбосари;
∙ Кийотака Танака (Kiyotaka Tanaka), Молия сектори бўйича катта мутахассис.
Тақдимот давомида «Uzbek Leasing International A.O.» АЖ раҳбарияти Ўзбекистон лизинг бозорининг муҳим жиҳатларини, жумладан жорий муаммолар ва унинг ривожланиш истиқболларини ёритиб берди. Шунингдек, “Uzbek Leasing International A.O.” фаолияти ҳақида сўз юритилди ва мамлакатнинг лизинг қонунчилигини такомиллаштириш учун давлат органларига юборилган таклифлар тақдим этилди. Ўзбекистонда лизинг соҳасининг ривожланишига тўсқинлик қилувчи масалаларга ва бу секторга инвестициялар жалб қилишга, шунингдек яшил молиялаштириш лойиҳалари ва тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Муҳокама якунида Жаҳон банки томонидан Ўзбекистон лизинг секторига кўмак кўрсатиш имкониятлари кўриб чиқилди.