3 – Тошкент Халқаро Лизинг Форуми

3 – Тошкент Халқаро Лизинг Форуми

 

Бугун лизинг мамлакатимиз иқтисодий сиёсатининг усувор йўналишларидан бири ҳисобланган ишлаб чиқариш қувватини модернизациялаш, хусусий тадбиркорликни кенгайтириш ва унинг асосида рақобатбардош ишлаб чиқаришни ташкил қилишга маблағларни инвестициялаш учун самарали механизм сифатида ифодаланади.

Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотида лизинг операциялари улушининг ҳар йили ўсиб бориши мазкур соҳани ривожлантириш бўйича олиб борилган ишларнинг натижасидир. Бундан ташқари, лизинг бозорида иштирокчиларнинг, улар қаторида лизинг операцияларини амалга оширувчи банклар, лизинг компаниялари ва кредит уюшмаларининг сони доимий равишда ўсиб бормоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда лизинг хизматларига юқори талаб кузатилмоқда. Бу бозорни янада ўзлаштириш учун мавжуд салоҳият омили ҳисобланиб, у рақобатли муҳитни кучайишига, ўз-ўзидан кўрсатилаётган хизматларни яхшиланишига сабаб бўлади.

2010 йил якунларига кўра республика лизинг хизматлари бозорида умумий миқдори 430 млрд. сўмдан ортиқ суммадаги 5,5 мингдан ортиқ битимлар имзоланган. Жами лизинг портфелининг ҳажми 1,13 трлн. сўмдан ошди. Ундан олдинги йилга нисбатан лизинг хизматлари ҳажмининг ўсиш темпи 7% -8% даражасида бўлди. Ушбу битимларнинг катта қисми лизинг компаниялари томонидан тузилган ва 1,5 мингга яқин битимлар банклар улушига тўғри келади.

Қайд қилш жоиз, лизингга берилаётган объектлар орасида қишлоқ хўжалиги техникаси етакчилик қилмоқда. 2010 йил якунлари бўйича унинг лизинг битимларининг умумий тузилмасидаги улуши 28,7% ни ташкил қилди. Шунингдек, юк автотранспортига доир битимлар — 18,6% кўчмас мулкка — 14,1%, ирригацион ускуналарга — 9,9%, йўловчи транспортга — 9,5% ни ташкил қилади.

Ўзбекистон лизинг бозорининг янада ривожланиши бир неча омилларга боғлиқ. Улар орасида қулай қонунчилик муҳитини ва лизинг компанияларига фойда келтирувчи инвестицияларга бўлган имкониятларни алоҳида қайд этиш лозим. Бундан ташқари, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналарига, махсус қурилиш техникасига, автотранспортга (юк ва йўловчи), шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасидаги мавжуд эҳтиёж миллий лизинг компаниялари фаолиятини янада активлаштириш имкониятини беради.

28 апрель куни пойтахтдаги «Intercontinental Tashkent» меҳмонхонасида очилган 3 – Тошкент Халқаро Лизинг Форуми (ТХЛФ-2011) лизинг жамоатчилиги вакиллари мулоқоти учун интерактив майдон бўлиб хизмат қилди.

Тадбирда миллий ва хорижий лизинг, суғурта компаниялари, банклар, турли хил техника ва ускуналарни ишлаб чиқариб, уларни лизинг компанияларига етказиб бераётган корхоналарнинг раҳбар ва мутахассислари, шунингдек лизинг хизматлари соҳаси, вазирлик ва идоралар, давлат ва жамоат ташкилотларининг вакиллари, молия бозорларини хорижий тартибга солувчиларининг, турли молия ташкилотларининг миллий ва халқаро ассоциацияларининг раҳбарлари иштирок этмоқдалар.

Форум ҳалқаро лизинг жамоатчилиги, шунингдек миллий ва Марказий Осиё ҳамда бошқа минтақалар мамлакатлари лизинг бизнесининг хорижий вакиллари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш йўли билан лизинг тараққиётини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, тадбир самарали тажриба алмашиш, инқроздан кейинги даврда бозорларни қайта тикланиши шароитида лизинг соҳасида долзарб масалалар муҳокама этилиши таъминланишига қаратилган.

Форум иштирокчилари Марказий Осиё минтақасининг лизинг соҳасидаги кенг инвестицион имкониятлари билан танишадилар ва хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ўрнатиш имкониятига эга бўладилар.

ТХЛФ Ўзбекистон Лизинг берувчилари уюшмаси ҳамда «SAIPRO Ахборот-рейтинг агентлиги» томонидан ташкил қилинмоқда. Шунингдек, Форум Ўзбекистон савдо-саноат палатаси ва «Media XPRIMM» (Румыния) томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Форумнинг бош ҳамкори — «UzbekLeasing International A.O.» компанияси.

Қайд этиш жоиз, Форум доирасида «Олтин портфель» — лизинг хизматлари соҳасида жамоатчилик мукофоти лауреатларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

About the Author

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Related Posts

Бизнинг янгиликларимизга обуна бўлинг