Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналарига, махсус қурилиш техникасига, автотранспортга (юк ва йўловчи ташувчи), шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида бўлган талабнинг тобора ортиб бориши миллий лизинг компаниялари фаолиятларини фаоллаштириш заруриятини туғдиради.
Бироқ Ўзбекистонда лизинг хизматларини янада ривожлантириш учун қонунчилик базаларини такомиллаштириш зарурдир.
Хусусан, мутахассисларнинг фикрича «Лизиниг тўғрисида»ги Қонуннинг қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарур. Шу муносабат билан депутатлар ҳамда лизиниг соҳаси экспертлари айни вақтда баъзи қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш устида ишламоқдалар. Бу жараён амалиётда қандай амалга оширилаётганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича қўмитасининг аъзоси Муҳаммаджон Турсунов сўзлаб берди.
– Ўзбекистонда лизинг соҳасини ривожлантиришга ва мазкур соҳани тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилаётган эътибор эвазига, мамлакатда лизинг операциялари ҳажмида анчайин ўсиш кузатилмоқда. Чунончи, 2010 йил натижаларига кўра, республикада лизинг портфели 1,13 трлн. сўмлик ҳажмга етиб, лизинг битимларининг умумий қиймати эса 430 млрд. сўмни ташкил этди. ЯИМ даги лизинг портфелининг улуши 1,82% ни, асосий капиталга бўлган инвестицияларда лизингни улуши эса – 2,7% ни ташкил қилди.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда замонавий ускуналар асосида ишлаб чиқаришни кенгайтириш истагида бўлган, аммо техника сотиб олиш учун катта маблағга муҳтожлик сезган тадбиркор ва фермерлар учун лизинг қулай ва самарали восита ҳисобланади. Айни вақтда бозорда худди лизинг олувчилар каби лизинг берувчиларнинг ҳам сони ошиб бормоқда – бугун лизинг хизматлари 50 дан ортиқ компания ва 30 та банк томонидан кўрсатилиб келинмоқда.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, лизинг операциялари уч томонлама – лизинг объектини сотувчи (тадбиркор), лизинг берувчи (молиявий компания) ва лизинг олувчи (мижоз) ларнинг иштрокини талаб этади. Лизинг тамойиллари жуда оддий – лизинг компанияси маълум сотувчидан мулкни олиб, уни мижозга маълум ҳақ эвазига узоқ муддатга фойдаланиш учун топширади.
Лизинг компаниялари вакиллари амалда кўп дуч келаётган муаммолар доираси ва фаолиятни ўрганиш мақсадида депутатлар ва лизинг берувчиларнинг қатор учрашувлари ташкиллаштирилди. Натижада аниқланишича, уларнинг кўпчилигида битта муаммо – лизинг компанияси томонидан ускуна сотиб олиниб, мижозга берилганидан кейин, ишлаб чиқарувчи етказиб берилган ускунанинг тўлиқ ҳақини қўлга киритиб, лизинг операциясидан чиқиши билан боғлиқ ҳолат бўлмоқда.
Тўловга қобилиятсиз мижоздан ускуна олиб қўйилганида, мазкур мулкни бошқа шахсларга лизингга бериш муаммоси юзага келади. Чунки амалдаги қонунга мувофиқ, лизинг компаниялари сотувчи бўла олмайдилар ва қайтарилган мулк уларнинг ҳамда банкларнинг балансида қолиб кетади.
Бугунги қонунчиликда таклиф этилаётган ўзгаришлар лизинг берувчилар олиб қўйилган объектни лизингга бериш, банклар ва бошқа кредит муассасалари эса қарздорнинг қарзларини ундириш ҳисобига уларнинг балансига киритилган мулкни лизингга бериш имкониятига эга бўлишларини кўзлайди.
Парламентнинг қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг депутатлари гуруҳи томонидан мазкур ҳолатни таҳлил қилиниши жараёнида АҚШ, Франция ва Германия каби мамлакатларнинг тажрибалари ўрганилди. Бу давлатларда лизинг – иқтисодий муносабатлар мажмуаси бўлиб, унга кўра лизинг олувчи лизинг берувчи (мулкдор) га унинг активларидан фойдаланганлиги учун лизинг тўловларини тўлайди. Шу билан бирга учинчи шахс –сотувчининг иштирокига эҳтиёж сезилмайди. Шу сасабли ҳам учинчи шахсга олиб қўйилган лизинг мулкини етказиб бериш муаммоси йўқ. Россияда, масалан, лизинг берувчи бошдан мулкка эгалик қилиши (ўзи ҳам сотувчи бўлган ҳолда) мумкин.
Шуни таъкидлашни ҳоҳлардимки, мазкур қонун лойиҳаси билан, шунингдек, лизинг берувчилар томонидан лизинг шартномаси оқибатида сарфланган маблағларни қайтарилиш кафолатлари таъминоти шаклларини кўпайтириш ва лизинг берувчиларга лизинг объектининг баҳосини олдиндан тўлаш учун бўлган аванс миқдорини белгилаш ҳуқуқини бериш ҳам кўзланган.
Ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши лизинг берувчига юқорида кўрсатилган таъминот шакллари билан бир қаторда, лизинг олувчидан бошқа таъминот шаклларини ҳам талаб қилиш имконини беради, шунингдек, лизинг берувчига таъминотиларини талаб қилиш имконини, шунингдек, лизинг берувчига лизинг объектининг баҳосини олдиндан тўлаш учун бўлган аванс миқдорини белгилаш учун ҳуқуқий асос яратиб беради. Таъминот шаклларини диверсификацияси лизинг тўловлари бўйича кечикишлар сонини камайтириш имконини беради. Бу эса ўз навбатида лизинг берувчини янада актив фаолият олиб боришига туртки бўлади.
Таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар объектни лизингга олиш, бериш ва етказиб бериш жараёнида пайдо бўладиган қатор қийинчиликларни тартибга солишга ёрдам бериши лозим. Биринчидан, лизинг компаниялари олиб қўйилган мулкни лизингга бериш ҳуқуқига эга бўладилар. Банклар, шунингдек, бошқа молиявий институтлар эса қарздорнинг қарзларини ундириш ҳисобига уларнинг балансига киритилган мулкни лизингга бериш имкониятига эга бўладилар.
Мутахасислар тахмин қилишича, мазкур ўзгаришлар лизинг компаниялари, банклар ва бошқа молиявий институтларнинг молиявий аҳволини яхшилаш ҳамда, бугунги кунда «ўлик юк» каби ётган мулкларни иқтисодий айланмага жалб этиш имконини беради.
Иккинчидан эса, лизинг битими иштирокчилари амалдаги қонунчилик таҳрирларида келтирилган таъминот билан чекланиб қолмай, унинг янада кенг спектрларидан фойдаланишлари мумкин. Бу лизинг битимлари миқдорининг ортишига умид қилишга имкон беради. Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг турли соҳаларида фаолият кўрсатувчи лизинг компаниялари фаолиятининг янада такомиллаштирилиши ва ўсиши таъминланади
Тўртинчидан, лизинг операциялари бўйича тўловларни қайтарилмаслик хатарларини камаяди, бу эса мазкур молиявий хизматлар турларининг сифат кўрсаткичларини ошириш имконини бериб, тадбиркорлик субъектларининг лизингга янги объектларни олишда янада кенгроқ йўл очилишига шарт-шароитлар яратади.
Мазкур Қонун лойиҳасини ишлаб чиқувчилар манфаатдор шахсларнинг ушбу мавзу бўйича таклифларини билиш ва кўриб чиқишдан мамнун бўладилар.