«Uzbekistan Agrotech Expo-2016» савдо-кўргазмасида Хитой, Жанубий Корея, Франция, Италия, Германия, Бельгия, Австрия, Болгария, Беларусь, Эрон, Россия, Туркия каби дунёнинг 24 та мамлакатидан ташриф буюрган 170 дан ортиқ компания вакиллари иштирок этди. Унда қатор йўналишлар бўйича маҳсулотлар ва хизматларнинг кенг турлари тақдим этилди. Хусусан, булар: қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш учун компакт линиялар, ўрамлар учун мини-технологиялар, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва боғдорчилик учун ускуналар, ем-хашак тайёрлаш, боғдорчилик ва узумчилик учун, иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш учун мини-техника ва ускуналар, ўсимликларни ҳимоя қилиш учун кимёвий моддалар. Шунингдек енгил ва кимё саноати мутахассислари ҳам кўплаб замонавий ва юқори технологик ускуналар билан танишишга муваффақ бўлди.
«Uzbekistan Agromash Expo-2016» халқаро кўргазмасида 10 та мамлакатдан ташриф буюрган қишлоқ хўжалик техникаси ва ускуналарининг жаҳон миқёсидаги 20 дан ортиқ етакчи ишлаб чиқарувчилари ҳамда “Тошкент трактор заводи” АЖ, “Агрегат заводи” АЖ, “Чирчиққишлоқмаш” АЖ каби маҳаллий корхоналар вакиллари қатнашди. Кўргазмада «Doosan», «Daichi», «Deadong» (Жанубий Корея), «Case», «New Holland» (АҚШ), «CLAAS», «Lemken», «MAN» (Германия) сингари жаҳонга машҳур брендларнинг 70 дан ортиқ техникаси тақдим этилди.
Иккала кўргазмада ҳам мамлакатимиз фермерлари ва тадбиркорлари фаол иштирок этди. Тақдим этилган кенг турдаги маҳсулотлар республика фермер хўжаликлари ва ишлаб чиқариш корхоналарини энг сўнгги қишлоқ хўжалик техникаси ва технологиялари билан жиҳозлашга кўмаклашади, иштирокчиларнинг аста-секин кенгайиб бораётган географияси эса узоқ муддатли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Кўргазмалар доирасида В2В учрашувлари, турли мавзули семинарлар, шунингдек машҳур компанияларда ишлаб чиқарилган илғор технологиялар ва замонавий ускуналарнинг тақдимотлари ҳам ўтказилди.
Айтиш жоизки, маҳаллий истеъмолчиларни технологиялар ва компакт ускуналарни харид қилишнинг мавжуд молиявий воситалари ҳақида хабардор қилиш ҳам тадбирнинг асосий вазифаларидан бирига айланди. Ушбу йўналишда республикамизда фаолият кўрсатаётган лизинг ва суғурта компанияларининг вакиллари қатнашди.
Тўрт кун давомида кўргазма иштирокчилари ва меҳмонларига “Uzbek Leasing International A.O.” АЖ ходимлари томонидан компаниядаги лизинг шартларига доир ахборот-маслаҳат хизматлари кўрсатилди. Бундан ташқари, ускуналар ҳамда техника ишлаб чиқарувчи компаниялар ва етказиб берувчилар билан бўлғуси ҳамкорлик имкониятлари борасида музокаралар ҳам ўтказилди.