2016 йил 15 ноябрь куни Тошкент шаҳар, Бешёғоч кўчаси, 1, 4-қават манзили бўйича жойлашган Халқаро Банк-Молия Маркази биносида, йиғилишлар залида Ўзбекистон Лизинг Берувчилар Ассоциацияси ва Ўзбекистон Ҳакамлик Судлари Ассоциациясининг “Лизинг шартномалари бўйича низоларни ҳал этишда ҳакамлар муҳокамасининг самарадорлиги. Ҳакамлик судларининг қарорлари бажарилиши билан боғлиқ муаммолар ва масалалар” мавзусида ҳамкорликдаги семинар-тренинги ўтказилди.
Семинар — тренинг лизинг фаолиятини такомиллаштиришга, хусусан лизинг компанияларининг Ўзбекистон Ҳакамлик Судлари Ассоциацияси билан ўзаро алоқаларини яхшилашга, шартнома билан шартланган лизинг тўловларини узмаслик туфайли юзага келадиган жиҳатларни тартибга солишга, шунингдек ҳозирги шароитларда ҳакамлик судларининг роли ва самарадорлигига қаратилди
Семинар-тренингда Ўзбекистон Лизинг Берувчилар Ассоциациясининг Бош директори Мустафаев З.Б. табрик сўзи билан чиқди. Шунингдек Ўзбекистон Ҳакамлик Судлари Ассоциациясининг Тошкент филиали судьяси Абзалов Э.М. “Ўзбекистон Ҳакамлик судлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари” мавзусида, Ўзбекистон Ҳакамлик Судлари Ассоциациясининг Тошкент филиали судьяси Толипов К.Ю. “Лизинг битимларининг томонлари ўртасида тузилган шартномадан келиб чиқувчи низоларни Ҳакамлик судларига беришга қўйиладиган талаблар (Низони кўриб чиқиш учун Ҳакамлик судига бериш тўғрисидаги битим, Лизинг келишувларига Ҳакамлик изоҳларини киритиш). Ҳакамлик суди Қарорини мажбурий ижрога бериш тартиби” мавзусида, «Kosta Legal» Адвокатлик фирмасининг Бошқарувчи Шериги Аҳмаджонов А.А. “Мажбурий ижро ва Ҳакамлик судлари Қарорларининг бекор қилиниши” мавзусида тақдимотлар қилишди.
Семинар-тренинг якунида Ҳакамлик суди вакиллари лизинг берувчилар билан яқин алоқаларни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни ўрнатиш таклифи билан чиқишди.