Ўзбекистон лизинг берувчилари уюшмаси вакиллари жорий йилнинг 19-23 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган VII Тошкент халқаро инвестицион-молиявий форумида фаол иштирок этишди.
Мазкур тадбир “SAIPRO Ахборот-рейтинг агентлиги” томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий кўмагида ҳамда Бош араб суғурта федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Бугунги кунда Тошкент халқаро инвестицион-молиявий форуми хорижий ҳамда маҳаллий инвестицион ва молиявий соҳа вакилларининг конструктив ишбилармонлик мулоқотлари учун анъанавий нуфузли майдонга айланган.
Бу йилги форум 450 дан зиёд вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, халқаро молия институтлари, инвестицион компаниялар, рейтинг агентликлари, банк, лизинг, қимматли қоғозлар каби молия бозори мутахассисларини бир жойга жамлади. Халқаро форумда жаҳоннинг 25 давлатидан 100 дан зиёд хорижлик мутахассис ва экспертлар иштирок этишди.
Форум доирасида иқтисодиётнинг жорий ҳолати, ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, инвестицион фаолликни ошириш, молиявий секторни, жумладан банк, суғурта, лизинг, инвестиция соҳаларини ривожлантириш билан боғлиқ кенг қамровли масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, форум давомида қатор йирик тадбирлар, жумладан Лизинг бўйича VII Тошкент халқаро анжумани ҳам ташкил этилди. Анжуманда лизинг бозорини янада ривожлантириш, инвестициялашда лизинг механизми имкониятлари, лизинг соҳасидаги истиқболли лойиҳалар ва инновацион йўналишлар, бизнеснинг лизинг хизматларига бўлган эҳтиёжи каби мавзулар кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, анжуман қатор хорижий давлатлардаги лизинг бозорлари билан яқиндан танишиш ҳамда ҳамкорлик истиқболларини муҳоками қилиш имкониятини яратди. Хусусан, анжуманда Руминия, Туркия, Озарбайжон, Беларус давлатларидаги лизинг уюшмалари раҳбарлари, ҳинд ва рус лизинг бозорлари вакиллари ўз маърузалари билан чиқишди, шунингдек “ягона ойна” шаклидаги лизинг фаолияти ва халқаро савдода лизинг аҳамияти ҳақидаги тақдимотлар ҳавола этилди.
VII Тошкент халқаро инвестицион-молиявий форуми доирасида “SAIPRO” Ахборот- рейтинг агентлиги томонидан Ўзбекистон банклари ассоциацияси, Ўзбекистон суғурта бозори профессионал иштирокчилари уюшмаси, Ўзбекистон Лизинг берувчилар уюшмаси ва “UzReport” Ахборот агентлиги ҳамкорлигида таъсис этилган “Олтин соябон” ҳамда “Олтин портфел” жамоатчилик мукофотларининг анъанавий топширилиш маросими бўлиб ўтди.