2013 йилнинг 15 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбек Лизинг Интернешнл А.Ж.» қўшма лизинг компаниясининг фаолият масалалари тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Ҳужжат «Ўзбек Лизинг интернейшнл А.Ж.» қўшма лизинг компаниясининг тадбиркорлик субъектларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш лойиҳаларини молиялаштиришдаги иштирокини янада кенгайтириш мақсадига йўналтирилган.
Қарорда қайд этилганидек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро молия корпорацияси томонидан «Ўзбек Лизинг интернейшнл А.Ж.» қўшма лизинг компаниясининг устав жамғармасидаги улушини «Ўзбек-Оман инвестиция компанияси» масъулияти чекланган жамият фойдасига берилган.
Булардан ташқари қарорда акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорига кўра «Ўзбек Лизинг интернейшнл А.Ж.» қўшма лизинг компаниясининг устав жамғармаси миқдори 9 млн. АҚШ долларигача оширилган.
«Ўзбек Лизинг интернейшнл А.Ж.» қўшма лизинг компанияси таъсисчиларининг таклифларига мувофиқ ҳолда компания устав фондидаги улуши қуйидаги миқдорларда тақсимланади:
— Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки —35%;
— «Мейбанк» (Малайзия) —35%;
— «Ўзбек-Оман инвестиция компанияси» масъулияти чекланган жамият —30%.