2025 йил 27-30 январь кунлари Тошкентда Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси (IFC) делегациясининг мамлакат Хусусий секторини диагностика қилишга (ХСД) тайёрлашга бағишланган ташрифи бўлиб ўтмоқда.
Ташрифнинг асосий мақсади Ўзбекистон иқтисодиётига хусусий инвестицияларни жалб қилишга тўсқинлик қилаётган асосий тўсиқ ва чекловларни аниқлаш, шунингдек, уларни бартараф этишга қаратилган аниқ чораларни ишлаб чиқиш учун давлат органлари, хусусий сектор вакиллари, инвесторлар ва экспертлар билан маслаҳатлашувлар ўтказиш бўлди. Жаҳон банки гуруҳи томонидан ўтказилаётган хусусий секторни диагностика қилиш хусусий инвестицияларни жалб қилишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган муҳим таҳлилий воситадир.
ХCД доирасида жорий шароитларнинг ҳар томонлама баҳоланиши, норматив-ҳуқуқий чекловлар, молиялаштиришнинг етишмаслиги, шунингдек, битимларни амалга ошириш ва молиявий воситалардан фойдаланиш билан боғлиқ харажатларга оид муаммоли жиҳатларни ўз ичига олган асосий тўсиқлар аниқланади. 2025 йил 28 январь куни Жаҳон банки гуруҳининг Ўзбекистон хусусий секторини диагностика қилиш бўйича делегацияси «Uzbek Leasing International A.O.» АЖ офисига ташриф буюрди.
Учрашувда Жаҳон банки гуруҳи делегациясидан қуйидаги мутахассислар иштирок этди:
∙ Екатерина Левитанская, Молия секторини ривожлантириш бўйича катта мутахассис, дастур раҳбари;
∙ Ўткир Умаров, Тадқиқотлар бўйича мутахассис.
Ўз тақдимоти давомида Бош директор Зафаржон Мустафаев Ўзбекистон лизинг бозори, соҳанинг давлат ва хусусий иштирокчилари, шунингдек, мамлакат лизинг қонунчилигини такомиллаштириш бўйича давлат органларига юборилган таклифлар ҳақида сўзлаб берди. Муҳокама мавзуларидан бири Ўзбекистонда лизингни ривожлантириш ва ушбу секторга инвестициялар жалб қилишга тўсқинлик қилаётган тўсиқларни аниқлаш эди. Хусусан, корхоналарга катта капитал маблағларни бир вақтнинг ўзида топиш зарурати бўлмаган ҳолда замонавий ускуна ва технологиялардан фойдаланиш имконини бериб, Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишида муҳим роль ўйнайдиган лизинг секторини қўллаб-қувватлаш имкониятлари масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Учрашувлар давомида Жаҳон банки гуруҳи делегацияси Ўзбекистон ҳукуматининг хусусий секторни ривожлантириш бўйича режаларини, шу жумладан иқтисодиётнинг асосий тармоқларига хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароитлар яратишни ҳам муҳокама қилди. Ҳукумат инвестиция муҳитини яхшилаш устида фаол иш олиб бормоқда ва бу саъй-ҳаракатларнинг муҳим қисми корхоналарни ўсиш ва модернизация қилиш учун зарур воситалар билан таъминлайдиган лизинг секторини қўллаб-қувватлашдир. «Uzbek Leasing International A.O.» АЖ Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси делегациясига жорий муаммоларни чуқур таҳлил қилгани ва лизинг секторидаги инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича амалий тавсиялар бергани учун миннатдорчилик билдиради.
Биз таклиф этилган чораларнинг жорий этилиши хусусий инвесторлар учун янада шаффоф, самарали ва жозибадор инвестиция муҳитини яратишда муҳим қадам бўлишига ишонамиз.