Рус Eng Ўзб
     
Ассоциация ҳақида
Янгиликлар
Миссия
Ассоциация тузилмаси
Ассоциацияга аъзолик
Ассоциацияга аъзо-компаниялар
Ҳамкорлар
Матбуот-маркази 

  Савдо майдончаси
 

Матбуот-маркази
03.11.2011 15:49:04
ЛИЗИНГ РИВОЖИ — ТАРАҚҚИЁТ ГАРОВИ

Мустақиллик шарофати туфайли юртимизда лизинг, суғурта каби хизмат турлари йўлга қўйилиб, улар тобора такомиллаштирилмоқда. Бунда, айниқса, соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик базаси яратилгани муҳим аҳамият касб этаяпти.

Маълумки, лизинг хизмати технологик муносабатларнинг молиявий кўринишдаги тезкор ва қулай  воситаси ҳисобланади. Бошқача айтганда, у замонавий, юксак технологияларни кенг миқёсда жалб қилган ҳолда, иқтисодиёт ва бизнес ривожланишининг гаровидир. Бу тушунчага Канаданинг Оттава шаҳрида 1988 йил 28 май куни қабул қилинган Халқаро молиявий лизинг тўғрисидаги UNIDROIT Конвенцияси муқадиммасида шундай шарҳ берилган. Халқаро молиявий лизингнинг ҳуқуқий асосларини ўзида акс эттирган ушбу ҳужжатга Ўзбе­кистон Республикаси ҳам қўшилгани Олий Мажлиснинг 2000 йил 26 майдаги қарори билан тасдиқланган.

Мамлакатимизда ўтган  2010 йилда  хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 13,4 фоиз ўсишга эришилди, умуман, кейинги  ўн йилда  аҳолига кўрсатилган пуллик хизматлар ҳажми, киши бошига ҳисоблаганда, 20 баробарга ошди.  Жумладан, ­мобиль алоқа, интернет, видеотелефон тизими, ­рақамли телевидение, замонавий банк хизматлари, лизинг, консалтинг, суғурта, аудит, инжиниринг  каби замонавий хизмат турларининг аҳамияти, унга бўлган қизиқишнинг ортиши баробарида, бу соҳаларнинг иқтисодий тараққиётда тутган ўрни, ­нуфузи ­юксалди.

Давлатимиз раҳбарининг 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йилга мўлжалланган энг устувор йўналишларига бағишланган  Ўзбекистон Республикаси ­Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида  “2011 — 2015  йилларда Ўзбекистон саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги дастур тасдиқлангани ва мазкур дастурга мувофиқ, саноат соҳасида умумий қиймати қарийб 50 миллиард долларлик 500 дан ортиқ йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилгани, ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, мавжуд хом ашё ва ресурслардан оқилона фойдаланиш асосида юқори қўшимча ­қийматга эга бўлган юксак технологик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни таъминлайдиган истиқболли иқтисодиёт тармоқлари ҳақида алоҳида сўз борганига эътибор қаратсак, шак-шуб­ҳасиз, мамлакатимиз яқин орада Осиё шерлари — Япония, Жанубий Корея, Малайзия  каби давлатлар қаторидан муносиб ўрин олади.

Бинобарин, ушбу Дастурни амалга оширишда, етакчи тармоқларни модернизациялаш ва диверсификация қилиш сиёсатида молиявий лизинг соҳаси ҳам фаол иштирок этиши кутилмоқда. Қолаверса, Юртбошимиз ташаббуслари ва ғояларининг узвий бир қисми сифатида лизинг давлат миқёсидаги доимий эътибор ва ғамхўр­лик туфайли муттасил ­ривожланиб, катта-кичик ­бизнес субъектларининг ҳамкори, муайян режаларининг маслаҳатчиси, умуман, иқтисодий янгиланишларнинг изчил амалиётчиси бўлиб танилмоқда.

Одатда, лизинг амалиётида уч томон — лизинг объекти сотувчиси, лизинг берувчи ва лизинг олувчи  иштирок этади. Хусусан, лизинг компанияси (лизинг берувчи)  мижознинг (лизинг олувчи) топшириғига биноан, сотувчидан лизинг шартномасида келишилган мол-мулкни (лизинг объектини) мулк қилиб олиб, шартлашилган ҳақ эвазига эгалик қилишга ва фойдаланишга беради. Унинг аҳамиятини шундан ҳам билса бўладики, 1996 йили атиги 4 компания республикамиз бозорида ўз хизматларини таклиф қилиб, 1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги лойиҳаларни амалга оширган бўлса, 2010 йилга келиб, 83 та компания томонидан 271 миллион АҚШ доллари ҳажмидаги лизинг келишувлари  якунига етказилди.

2010 йилда эса лизинг хизматлари бозорида  430 миллиард  сўм қийматидаги 5,5 мингдан зиёд битимлар имзоланди,  лизинг портфелининг ҳажми
1 триллион 135 млрд. сўмдан ошиб кетди. Бу кўрсаткичлар 2009 йилдаги кўрсаткич билан қиёсланганда, лизинг хизматларининг ўсиш суръати 7-8 фоизни ташкил этгани аён бўлади.

Эътиборлиси, ўтган йили лизинг асосида берилган объектларнинг аксарият қисмини (29,9%) технологик асбоб-ускуналар ташкил этди. Бундан ташқари,  қишлоқ хўжалиги техникаси (28%), автотранспорт  (28%), кўчмас мулк
(14,1%) бўйича ҳам кўпгина битимлар тузилгани диққатга сазовордир.

Бугунги кунда лизинг битимлари жиҳатидан Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти етакчилик қилмоқда. Тошкент вилоятида ҳам бу соҳага бўлган қизиқиш ортаётгани кузатилаётир.

 

Мақсад ва натижалар мезони

Ўтган даврда мамлакатимизда  лизинг бозори уч босқични босиб ўтди. Биринчи босқичда (1991 —1999 й.) лизинг қонунчилиги шаклланди,  халқаро тамойиллар изчил жорий этилди. Иккинчи босқич (1999 — 2005 й.) лизинг ҳуқуқий базасининг такомиллашуви, лизинг бозорида иштирокчилар сонининг кўпайиши билан изоҳланади. Учинчи босқич (2005 — 2011) эса лизингнинг ­оммалашишига, хизматлар бозорида рақобат муҳитининг барқарорлашуви учун шарт-шароит яратди.

Жумладан, 1999 йили “Лизинг тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ва амалиётга жорий этилиши кенг имкониятлар эшигини очди. Бир мисол: ўтган йилнинг ярим йиллигида лизинг ҳажми 243,9 миллиард сўмга етган бўлса, 2011 йилнинг олти ойи якунларига кўра, мазкур кўрсаткич 21,5 миллиард сўмга ортиб, 265,4 миллиард сўмни ташкил қилди. Шу тариқа лизинг  портфелининг ҳажми ҳам кескин кўтарилиб, унинг миқдори 1 триллион 202 млрд. сўмдан  ошди.

Кўриниб турибдики, ўз вақтида қабул қилинган қонун, шунингдек, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар лизинг бозорига ижобий таъсир кўрсатди. Айни чоғда  кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган енгилликлар қаторида, лизинг олувчилар  лизинг тўловидаги қўшимча қиймат солиғидан озод этилганлиги, лизинг объектидан мулк солиғи олинмаслиги,  лизинг асосида харид қилинган технологик ускуналар божхона тўловлари ва қўшимча қиймат солиғига тортилмаслиги белгилаб қўйилгани ҳам айни муддао бўлди.

Энг асосийси, ҳозир Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси лизинг хизматидан фойдаланиши мумкин. Унга  зарур бўлган технологияларни таклиф этиш, сотиб олиб етказиб бериш, маълум муддатга келишилган ҳақ эвазига ижарага бериш  — буларнинг бари қисқа вақт ичида ҳал этилиши ниҳоятда жозибалидир. Натижада жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан лизинг битимлари 20 фоизга ўсиб, 4083 тани ташкил этди. Лизингга ­берилган мол-мулклар ҳажми эса 8,8 фоизга ўсиб, унинг суммаси деярли  266 млрд. сўмга  яқинлашди. 

Жорий йилнинг ўтган даврида, шунингдек, лизинг бозорининг ярмидан кўпроғини (68,1 фоиз) лизинг компаниялари эгаллаб тургани кўзга ташланди.  Кенг кўламли компаниялар эса 39 фоиз улуш билан   лизинг бозоридаги мавқеларини  янада оширишга эришди. Пировардида лизинг компанияларининг лизинг битимлари ҳажми 180 млрд. сўмга, банкларники эса 84,6 млрд. сўмга етди. Шу ўринда айтиш жоизки, лизинг компаниялари шарт­номасининг ўртача баҳоси 55,34 млн. сўмга, банкларники  103,75 млн. сўмга тенг бўлди. Албатта, ушбу кўрсаткич компанияларнинг шарт-шароити, имкониятлари, фаолият стратегиясидан келиб ­чиқиб ўзгариши мумкин.   

Лизинг компанияларининг фаолияти таҳлили шуни кўрсатадики, лизинг­га берилаётган мол-мулкнинг асосий қисмини технологик ускуналар, қишлоқ хўжалиги техникаси, юк ва йўловчи ташиш автотранс­порти ҳамда кўчмас мулк ташкил этмоқда. Лизинг берувчилар орасида “Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг” АЛК, “Ўзавтосаноатлизинг” ЁАЖ ЛК, “Ўзмелиомашлизинг” ДЛК, “Ўзбек Лизинг Интернейшнл А.О.” ЁАЖ ҚК ­молия бозорида ҳам, лизинг­га берилган мол-мулк ҳажми ва маблағи бўйича ҳам пеш­қадамлик қилмоқда. Мазкур ҳолат уч йилдан бери ўзгармай келаётгани, авваламбор, лизинг бозори давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганидан далолат беради. Етакчи компаниялардан бири — АЛК “Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг” 2011 йилнинг 6 ойи мобайнида республикамизнинг барча вилоятларини қамраб олгани ҳолда, қишлоқ хўжалиги техникалари лизингига оид  66,6  млрд. сўмлик  2765 та шарт­нома тузгани бунга ­мисол бўла олади.

 

Нурли истиқбол сари

Лизинг  хизматлари кўрсатиш билан нафақат лизинг компаниялари, балки мамлакатимизнинг деярли барча банклари ҳам шуғулланишади. Уларда лизинг хизматлари кўрсатиш муддатларида ҳам тафовут йўқ, ҳисоби. Компаниялар ва банклар 1 йилдан 5 йилгача  ижара муддатини белгилашади. Фақат “Ўзқишлоққурилишмашлизинг”, “Ўзтранслизинг” компанияларининг лизинг бериш муддати, масалан, 80 ойдан 120 ойгача  қайд этилган. Банклар орасида узоқ муддатли лизингларни “Алоқабанк”, “Микрокредитбанк”, “Ҳамкорбанк”лар  8 йил муддатгача тақдим қилишлари мумкин.

Айтиш жоизки, ҳозирги кунда лизингнинг жозибадорлигини тарғиб қилиш, унинг янги хизмат турларини оммалаштириш мақсадида, Ўзбекистон Лизинг берувчилар уюшмаси томонидан  махсус семинарлар, ўқув курслари уюштирилаётгани ўз самарасини бермоқда. Бундан ташқари, ўтган йили  Тошкент, Фарғона, Самарқанд, ­Нукус, Гулистон шаҳарларида амалий семинарлар, бевосита лизинг олувчилар учун замонавий минитехнологиялар ишлаб чиқарувчи компаниялар вакиллари иштирокида кўргазмалар ўтказилган бўлса, жорий йилнинг 28 — 30 апрелида 3-Тошкент Халқаро лизинг форуми бўлиб ўтди. Ушбу форум давомида Хусусий секторни ривожлантириш ислом корпорацияси инвестицияси ҳисобидан тузилган янги “Taiba Leasing” лизинг компаниясининг тақдимот маросими ташкил қилинди.  Форумда қатнашган жаҳоннинг 30 га яқин энг кўзга кўринган компаниялари бошқарувчилари, менежерлари  истиқлол йилларида мамлакатимизда Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган миллий тараққиёт моделининг муваффақиятлари хорижий экспертларда чинакамига ҳавас уйғотди. Улар иқтисодий ислоҳотларимизга, Давлат дастурларимизга катта қизиқиш билдириб, юртимизда лизинг бозорининг бугунги даражаси, юксалиш суръат­лари, яратилган шарт-шароит­лар, имкониятлардан намуна тариқасида  ўрганиш, ўз давлатларида тарғибот-ташвиқот қилиш хусусидаги таклиф-мулоҳазаларини баён этдилар.

Нуфузли анжуманда мутахассислар мамлакатимиз саноат тармоқларини   модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш жараёнлари, транспорт-коммуникация соҳасида оламшумул лойиҳаларнинг амалга оширилиши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожи боис минитехнологияларга бўлган эҳтиёжнинг табиий кучайиши, шубҳасиз, лизинг тараққиётини янада юқори босқичга кўтаришини, асосли прог­нозларга кўра, 2015 йилга бориб, Ўзбекистонда лизинг хизматлари ҳажми 929 млрд. сўмга етиши эҳтимолдан холи эмаслигини ­таъкидладилар.

Дарҳақиқат, бизда лизинг бозори давр билан ҳамнафас ва ҳамқадам бўлган ҳолда, жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Лизинг компаниялари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун ҳар томонлама қулай ва манфаатли бўлган  янги иккиламчи, оператив лизинг  хизматлари таклиф этилаётгани эса соҳанинг истиқболли эканлигини яққол кўрсатиб турибди. Демак, лизинг ривожи бундан кейин ҳам тараққиётимизга хизмат қилаверади.

Зафар МУСТАФОЕВ,
Ўзбекистон Лизинг берувчилар уюшмаси бош директори.

Орқага
  Авторизация
 
Логин
Калит сўз
Маҳфий сўзни еслаш
Рўйхатдан ўтиш

 


 
  Ўзбекистон
Лизингберувчилар Уюшмаси
Барча ҳуқуқлар химояланган © 2009 — 2018